Зеленский Туркиядаги музокаралар учун асосий шартларни очиқлади
Украина Россия билан асирлар алмашуви ва ўт очишни тўхтатишни муҳокама қилмоқчи.

Зеленский Истанбулдаги бўлажак учрашувда қандай масалаларни кўтаришни режалаштираётганини маълум қилди.
Украина президенти Владимир Зеленский Либератион нашрига берган интервьюсида Туркияда бўлиши мумкин бўлган Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда қандай муҳим масалаларни муҳокама қилишни режалаштираётганини очиқлади.
Зеленский фикрига кўра, учрашув рамзий тусда эмас, балки реал натижаларга олиб келувчи бўлиши лозим. “Агар Истанбулда Путин билан учрашув ўтказилса, биз бу жараёндан сиёсий ютуқ билан чиқишимиз зарур: ўт очишни тўхтатиш, барча ҳарбий асирларни алмашиш ёки шунга ўхшаш муҳим келишувга эришишимиз керак”, — деди Украина етакчиси.
У, шунингдек, Украина ва Россия ўртасида ишонч йўқлиги сабабли музокараларда халқаро воситачиларнинг иштироки муҳимлигини таъкидлади. Зеленскийнинг фикрича, АҚШ бундай воситачилик ролини муваффақиятли бажара олади.
Учрашувга АҚШнинг президенти Доналд Трамп ҳам жалб қилинса, бу Путинни Истанбулга келишга ундаши мумкинлигини билдирди. “Агар Путин бу учрашувга келмаса, бу унинг учун тўлиқ мағлубият каби кўринади”, — деди Зеленский.







