Франциядаги ҳайвонот боғида одамларни яшин урди
Ҳодиса оқибатида 13 киши жароҳат олган.

2025 йил 14 май куни Франциянинг жануби-шарқида жойлашган Барбен ҳайвонот боғида кучли чақмоқ тушиши оқибатида 13 нафар киши тан жароҳати олди. Ҳодиса соат 15:00 атрофида Салон-де-Прованс шаҳри яқинидаги очиқ ҳудудда содир бўлди.
Чақмоқ тушганидан сўнг ҳудудда кичик ёнғин юзага келган. Буш-дю-Рон департаментининг 46 нафар қутқарувчиси ҳодиса жойига зудлик билан етиб бориб, 15 кишини хавфли зонадан эвакуация қилди.
Жароҳатланганлардан бири, Германия фуқароси бўлган аёлнинг аҳволи оғир экани айтилмоқда – у реанимация бўлимига ётқизилган. Яна 12 киши, жумладан, тўрт нафар бола ҳам шифохонага олиб кетилган.
Ҳайвонот боғи маъмурияти воқеа вақтида ҳайвонларга ёки боғ инфратузилмасига зарар етмаганини билдирган. Шунга қарамай, хавфсизлик нуқтаи назаридан боғ вақтинча ёпилган. Ҳодиса юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.
Франция об-ҳаво хизмати мамлакатнинг бир нечта ҳудудида кучли момақалдироқ хавфи сақланиб қолаётганини маълум қилган ва «сариқ» даражадаги огоҳлантириш берган. Фуқароларга очиқ жойлардан сақланиш, момақалдироқ вақтида ёпиқ биноларда қолиш тавсия этилмоқда.
Маҳаллий ҳукумат ва қутқарув хизматлари воқеа юзасидан вазиятни назорат қилиб, жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатмоқда.







