Канадада кучли ўрмон ёнғинлари кузатилмоқда
Ёнғин натижасида минглаб аҳоли эвакуация қилинмоқда.

Канаданинг Манитоба провинциясида авж олган ўрмон ёнғинлари икки инсоннинг ҳаётига зомин бўлди. Ҳуқуқ-тартибот органларининг хабар беришича, Лас ду Боннет туманидаги Вендиго йўли яқинида икки кишининг –бир эркак ва бир аёлнинг жасади топилган.
Вилоятда ҳозирда 24 та фаол ўрмон ёнғини қайд этилган бўлиб, уларнинг умумий майдони 103 минг гектардан ошган. Ёнғин хавфи сабабли мингга яқин маҳаллий аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Расмийлар ёнғин ўчириш ишларини давом эттирмоқда, аммо кучли шамол ва қуруқ об-ҳаво ишларни мураккаблаштирмоқда.
Маҳаллий ҳокимият фуқароларни ҳушёр бўлишга ва зарур ҳолларда эвакуация қилиш кўрсатмаларига қатъий амал қилишга чақирмоқда.







