Токиода ўзбекистонлик ёшлардан иборат жиноятчилар гуруҳи қўлга олинди
Улар пул ўмаришда айбланмоқда.

Япониянинг Токио шаҳри Шибуя туманида 2024 йил декабрь ойида содир бўлган ўғирлик ва ҳужум иши юзасидан 20-21 ёшлар атрофидаги беш нафар ўзбекистонлик йигит ҳибсга олинди. Бу ҳақда Япониянинг НТВ телеканали Токио полициясига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2024 йил 30 декабрь куни соат 05:30 да Шибуя туманидаги Маруяма-чо ҳудудида ушбу шахслар уч нафар чет эллик эркак ва аёл билан жанжал чиқарган ва уларнинг 210 минг иена (тахминан 1300 доллар) қийматдаги ҳамён ва сумкаларини тортиб олган. Улардан бири юзига урилиб, жароҳатланган.
Токио полициясининг қўшимча маълумотларига кўра, ҳибсга олинганлардан тўрт нафари Японияда ноқонуний равишда яшаб келган ва 2023 йил августидан 2024 йил февралига қадар Шибуя ҳамда Шинжуку кўнгилочар туманларида спиртли ичимлик таъсиридаги фуқаролардан кредит карталарни ўғирлаб, уларнинг ҳисобидан смартфонлар харид қилиб, уларни қайта сотиш орқали жами 8 миллион иена ишлаб топган.
Полиция хабарига кўра, жиноят гуруҳининг раҳбари ҳисобланаётган 21 ёшли йигит ҳозирча адвокат билан учрашмагунича сўзлашдан бош тортмоқда. Қолган тўрт нафар гумондор эса айбловларни инкор қилган.







