Трамп “Америка Овози”ни қисқартиришни бошлади
“Америка Овози” офиси сотувга қўйилган.

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти мамлакатнинг глобал медиа сиёсатига кескин ўзгартириш киритиб, “Америка Овози” (Voice of America) радиостанциясининг 600 нафар ходимини ишдан бўшатишга қарор қилди.
Маълумотларга кўра, ишдан бўшатишлар билан бирга, радиостанциянинг Вашингтондаги марказий офиси ҳам сотувга қўйилган. Бу эса АҚШ ҳукумати назорати остидаги халқаро медиа тузилмасининг келажаги борасида жиддий хавотирлар уйғотмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 14 март куни Трамп АҚШ Глобал Медиа Агентлиги (USAGM) фаолиятини қисқартириш бўйича расмий фармонни имзолаган эди. Мазкур агентлик “Америка Овози”дан ташқари “Озодлик”, “Марти”, “Радио Фреэ Ациа” каби халқаро ахборот воситаларини ҳам бошқаради.
Трамп президентлиги даврида АҚШ ташқи пропагандаси ва мустақил ахборот воситаларининг ролига нисбатан танқидий ёндашув кучайган эди. Айрим таҳлилчиларга кўра, бу қарор журналистлар эркинлиги ва АҚШнинг халқаро ахборот майдонидаги позициясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.







