Европа давлатлари рақамли хавфсизликни кучайтирмоқда
Айрим давлатларда ижтимоий тармоқларда ёш текшируви жорий қилинади.

Европанинг етакчи уч давлати — Франция, Испания ва Греция ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда мажбурий ёш чекловларини жорий этиш устида ишламоқда.
Манбага кўра, бу ташаббус мамлакатларнинг рақамли ишлари бўйича вазирлари ўртасидаги фаол ҳамкорлик натижасидир. Улар 6 июнь куни Европа Иттифоқига аъзо бошқа давлатлар вакиллари билан бўладиган муҳим учрашув олдидан ўз позицияларини мувофиқлаштиришга киришган.
Янги тартибларга кўра, интернетга уланадиган ҳар қандай қурилма фойдаланувчи ёшини текширувчи махсус тизим билан жиҳозланиши керак бўлади. Бу эса ҳар бир фойдаланувчидан шахсий маълумотларни тақдим этишни талаб қилади.
Ташаббус болалар ва ўсмирларни рақамли хавфлардан ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, Европа Иттифоқида кенг қамровли рақамли хавфсизлик сиёсати доирасида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Шу билан бирга, ушбу чоралар махфийлик, ахборот эркинлиги ва технологик компаниялар учун техник жиҳатдан мураккаб вазифаларни юзага келтириши мумкин.








