АҚШда кучли торнадолар кузатилмоқда
Ҳалокатли торнадолар туфайли камида олти киши ҳалок бўлган.

Маълум қилинишича, Сент-Луис шаҳри кучли зарба остида қолган – бу ерда тўрт киши ҳалок бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган лавҳаларда вайронагарчилик манзаралари акс этган: ҳовлилар вайрон бўлган бинолар қолдиқлари билан тўлиб кетган, автомобиллар қулаб тушган дарахтлар остида қолган.
Виржинияда эса кучли шамол сабабли дарахтларнинг автомобилларга қулаб тушиши икки кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бўрон ва торнадолар энди мамлакатнинг шарқий ҳудудларига – Иллинойс ва Кентуккига томон силжимоқда.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, ушбу ҳафта охиригача 70 миллиондан ортиқ америкаликлар кучли об-ҳавога тайёр туришлари лозим. Электр таъминотида ҳам жиддий узилишлар кузатилмоқда – тахминан 400 минг истеъмолчи ҳозирда электр энергиясиз қолган.







