Францияда сув тошқини сабаб поезд рельсдан чиқиб кетди
Унда 500 дан ортиқ йўловчилар кетаётган бўлган.

Франциянинг жануби-ғарбий қисмида юз берган кучли тошқин ТГВ тезюрар поэздининг рельсдан чиқиб кетишига олиб келди. Хабарларга кўра, сув Тоэннен ҳудудидаги йўл остидаги баластни ювиб кетган. Бироқ поэздда бўлган 508 йўловчидан ҳеч бири жароҳат олмаган.
Воқеа жойидаги йўловчиларнинг айтишича, вагонлар оғиб тушган, рельслар эса сув остида қолган. Одамлар кечаси эвакуация қилиниб, жамоат залига жойлаштирилган. Улар сешанба куни эрталаб автобуслар орқали белгиланган манзилларга етказилиши режалаштирилган.
Душанба куни кучли дўл ва ёмғир дарёларнинг тошишига сабаб бўлди — ёғингарчилик даражаси квадрат метрига 100 литрни ташкил этди. Қутқарув ишларига 60 га яқин мутахассис, шу жумладан ўт ўчирувчилар, жандармлар ва Қизил Хоч кўнгиллилари жалб қилинди. Операция бир ярим соат давом этган.
Сув тошқини туфайли Тулузадан Парижга йўл олган Интерситéс поезди тунда Аген шаҳрида тўхтаб қолган. Эрталаб йўловчилар автобусларда Тулузага қайтарилган. Аген ва Марманд оралиғидаги қатнов тўхтатилиб, Бордо–Тулуза ТГВ йўналишларига ҳам таъсир кўрсатган.







