Қозоғистонда йирик автоҳалокат юз берди
Ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлди.

Қозоғистоннинг Костанай вилоятида Алмати – Екатеринбург автомобиль йўлида юз берган оғир йўл транспорт ҳодисаси 6 кишининг умрига зомин бўлди.
Вилоят полиция департаментининг маълумотига кўра, ҳодиса 20 май куни эрталаб «Қайрак» чегара пости яқинида, йўлнинг тахминан 2 км қисмида содир бўлган. Форд Трансит русумли микроавтобус ҳайдовчиси, ДАФ юк машинаси билан тўқнашган.
Тўқнашув натижасида 6 киши воқеа жойида ҳалок бўлган, 5 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан Карабалиқ туман касалхонасига етказилган.
Полиция ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 345-моддаси 4-қисми бўйича (икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимига олиб келган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш) жиноят иши қўзғатди.
Айни вақтда ҳодиса жойида тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.







