Руминия фуқаролари паспортларини йиртиб ташламоқда
Бу сайловдан кейинги норозиликлар фонида юз бермоқда.

Руминияда 18 май куни бўлиб ўтган президентлик сайловининг якуний натижалари мамлакатда кескин норозиликлар келтириб чиқарди. Бухарест мери Никушор Даннинг ғалабаси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, айрим фуқаролар паспортларини йиртиб ташлаб, мамлакатни тарк этиш ниятида эканликларини билдирган.
Фуқароларнинг аксарияти сайлов натижаларидан чуқур ҳафсаласи пир бўлганини яширмаяпти. Ижтимоий тармоқларда айримлар сиёсий бошпана сўрашни режалаштираётганини айтса, бошқалар “сургун йўли”ни танлашни билдиришмоқда. “Хайр, Руминия, биз сени қутқара олмадик”, – дейди сайлов натижаларидан норози бўлганлардан бири.
Президентлик сайловининг иккинчи босқичида Никушор Дан 53,6 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Эътиборлиси, биринчи босқичда у атиги 20 фоиз овоз олган эди. Унинг рақиби – миллатчи иттифоқ вакили ва биринчи турда етакчи бўлган Жорже Симион эса 46,4 фоиз овоз тўплаган.
Европа сиёсий муҳитида бу каби ўткир норозилик ҳолатлари камдан-кам учрайди. Руминияда эса бу ҳолат ижтимоий ажралиш ва сиёсий ишончсизлик даражасининг ошиб бораётганидан далолат беради.







