АҚШда эркак ҳаёти эвазига тўрт нафар болани қутқарди
У ўзининг 2 нафар фарзанди ва уларнинг 2 нафар дўстини қутқарган.

АҚШнинг Колорадо штатида 53 ёшли Мануэл Де Хесус Виллануева Миранда ўз ҳаёти эвазига тўрт нафар боланинг ҳаётини сақлаб қолди. У болаларни кўлдан қутқарганидан сўнг, ўзи ҳалок бўлди.
Маълум қилинишича, воқеа Колорадодаги кўллардан бирида содир бўлган. Миранда сувда тўлқинлар кучайиб, хавф туғила бошлаганини кўриб, ўзининг икки фарзанди ва уларнинг икки дўстини қутқаришучун совуқ сувга сакраган.
У тўртта болани ҳам қуруқликка олиб чиққан, аммо ўзи чарчоқ, совуқ сув зарбаси-эҳтимолий гипотермия туфайли чўкиб кетган. Атрофдаги дам олувчилар ёрдамга шошилишган. Бироқ 40 дақиқалик реанимация ҳаракатлари натижа бермаган.
Колорадо боғлар ва ёввойи табиат хизматининг маълумотига кўра, сув ҳарорати ўша пайтда 10 даража бўлган. Мутахассислар бу каби ҳолатларда организм совуқ зарбасидан жиддий шикастланишини таъкидлашмоқда.
Қутқарилган болалар ҳозир хавфсиз ва уларнинг аҳволи барқарор.








