Адам Қодиров 10 кун ичида иккинчи медаль билан тақдирланди
Адам Қодировга Росгвардияга қўшган ҳиссаси учун янги медаль берилди.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 17 ёшли ўғли Адам Қодиров яна бир марта тақдирланди. У бу сафар Росгвардия (Россия миллий гвардияси) ривожига қўшган ҳиссаси учун “Ахмат-Қамал" медалини олди.
Ушбу мукофот “фаол ташаббус, жанговар вазифаларни бажаришда кўмаклашиш ва бўлинмалар ривожига қўшилган салмоқли ҳисса” учун берилган. Медални унга “Ахмат-Қамал” отряди командири, Адамнинг қариндоши Абдул-Керим Қодиров топширган.
Қайд этилишича, бу 10 кун ичида унинг иккинчи мукофотидир. 12 май куни Адам Қодировга “Омон Ахмат-Грозний” ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган эсдалик медали ҳам топширилган эди.
Бундан аввалроқ, март ойида у Росгвардиянинг “жанговар намунавий ҳаракатлар учун” медалини олган, 2024 йил декабрда эса Байсангур Беноевский орденини абадий сақлаш учун топширишган.
Шунингдек, 2023 йил октябрда Грозний тергов изоляторида Қуръонни ёқишда айбланган Никита Журавелни калтаклагани учун Адам Қодировга Чеченистон Қаҳрамони унвони берилган эди.







