Антарктидадаги вулқон Испания ҳарбий базасига хавф солмоқда
Кунига 80 тагача ер силкиниш ҳолатлари рўй бермоқда.

Антарктиданинг Десепшн оролида жойлашган Испания ҳарбий базаси жиддий хавф остида. Бунга ўтмишда Чили ва Буюк Британиянинг илмий станцияларини вайрон қилган фаол вулқоннинг яна ҳаракатга келаётгани сабаб бўлмоқда.
Маълум қилинишича, Испаниянинг Кадис университети олими Белен Росадо бошчилигидаги вулканологлар жамоаси оролдаги магманинг ҳаракатини кузатмоқда. Уларнинг фикрига кўра, бу жараён орол деформациясига олиб келиб, вулқон оғзининг вақти-вақти билан очилиб ёпилишига сабаб бўлмоқда. Натижада Испания ҳарбий базасига бевосита таҳдид юзага келмоқда.
2019–2020 йилларда вулқон фаоллиги хавф даражасини яшилдан сариқ сигналга ўзгартирган. Агар ҳозирги тенденция давом этса, йилига 20 сантиметргача силжиш содир бўлиши мумкин. Бу эса портлаш эҳтимолини кучайтиради.
Испания миллий тадқиқот кенгаши вакили Рамон Ортизнинг айтишича, оролда кунига 80 тагача ер силкиниши рўй бермоқда. Бу, унинг фикрича, катта отилиш ва оролни сув босиш хавфини англатади. Гарчи жорий йилда вулқон нисбатан камроқ фаоллик кўрсатган бўлсада, олимлар ҳушёрликни йўқотмаяпти.
2015 йилда ҳам шундай фаоллик кузатилган ва халқаро ҳамжамият таҳдид ҳақида огоҳлантирилган эди.
Шунга қарамай, Десепшн ороли туристларни ўзига жалб этишда давом этмоқда. Ўтган йили Антарктидага 125 минг сайёҳ ташриф буюрган. Иссиқ фумаролларли сув ва Чили базаси харобаларида чўмилиш сайёҳлар орасида машҳур. Аммо портлаш хавфи ҳануз реал ва олимлар ҳодисани олдиндан аниқлашга ҳаракат қилмоқда.







