АҚШ “Олтин карта” дастурини ишга туширмоқда
5 миллион доллар эвазига АҚШда яшаш ҳуқуқини олиш мумкин.

АҚШ президенти Доналд Трамп ташаббуси билан мамлакат яқин ҳафталарда янги иммиграцион дастур – “Олтин карта” (Trump Card) ни йўлга қўяди. Бу дастурнинг асосий шарти: АҚШ иқтисодиётига камида 5 миллион долларлик сармоя киритган хорижий инвесторлар доимий яшаш ҳуқуқини олишлари мумкин бўлади.
Маълум қилинишича, АҚШ савдо вазири Ховард Латник бу ҳақда Axios нашрига берган интервьюсида маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, дастур аллақачон амалиёт босқичига ўтди ва биринчи босқич сифатида trumpcard.gov расмий сайти ишга туширилади. Бу платформа орқали дастлабки аризаларни топшириш мумкин бўлади.
Латникнинг фикрича, “Олтин карта” ташаббуси хорижий инвестициялар оқимини кучайтириб, АҚШнинг улкан давлат қарзини қоплашга ёрдам беради. Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда АҚШнинг давлат қарзи 36 триллион долларни ташкил этади, бу эса мамлакат ЙИМининг 123 фоизига тенг.
Янги “Trump Card” дастури аввалги EB-5 визаси ўрнини босади. EB-5 дастури доирасида АҚШда камида 10 та иш ўрни яратган хорижий инвесторлар “яшил карта” олиш имконига эга эдилар. Эндиликда янги дастур инвестиция миқдорини оширган ҳолда, жараённи соддалаштириш ва тезлаштиришга қаратилган.
Доналд Трамп илгари бу дастур орқали 1 миллионга яқин хорижий инвесторни жалб қилиш ниятини билдирган эди. “Trump Card” атамаси эса сўз ўйинига асосланган бўлиб, инглиз тилида бу ибора “асосий кучли картани қўллаш” деган маънони англатади.







