Токиода сув учун тўлов вақтинча бекор қилинди
Қарор ёзги жазирамада аҳолининг ҳаётини енгиллаштиришга қаратилган.

Япониянинг пойтахти Токио шаҳрида ёзги жазирама туфайли аҳолининг ҳаётини енгиллаштириш мақсадида вақтинча сув учун тўловлар бекор қилинди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Шаҳар ҳокимлиги бу чора учун 36 миллиард иена (тахминан 250 миллион доллар) маблағ ажратган. Ўтган йил айнан ёз мавсумида жазирама туфайли Токиода 263 киши вафот этган эди. Қурбонларнинг аксарияти уйида кондиционер бўлмагани ёки электр харажатларининг юқорилиги сабаб уни ёқмаган.
Токио губернатори Юрико Коике бу йил ҳам шундай хавф мавжудлигидан хавотир билдирар экан, одамлар иссиқда электрдан фойдаланмаслиги мумкинлигини инобатга олиб, ҳукумат уларнинг харажатларини камайтиришга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
Мазкур қарор аҳолининг соғлиғини асраш, жазирама кунларида сув ва электрдан тўғри ва хавфсиз фойдаланишга ундаш мақсадида қабул қилинган.







