Россия-Укаина ўртасида маҳбуслар алмашинуви давом этмоқда
Туркиядаги катта келишув натижасида юзлаб асирлар ватанига қайтди.

Россия ва Украина ўртасидаги маҳбуслар алмашинуви давом этмоқда, Россия асирлигида бўлган яна 307 нафар украиналик кеча юртига қайтарилди. Украина президенти Владимир Зеленский бу ҳақда ўзининг Telegram-каналида маълумот берди.
“Яна 307 нафар украиналик ватанда. Туркияда келишилган “1000 га 1000” форматидаги алмашувнинг иккинчи куни. Атиги икки кун ичида 697 нафар юртдошимизни озод этдик. Эртага ҳам бу жараён давом этади, деган умиддамиз”, — деди Зеленский.
Қайтганлар орасида Украина Қуролли кучлари, Давлат чегара хизмати ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари бор. Президент барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдириб, “мақсадимиз — барча юртдошларимизни асирликдан қутқариш”, дея таъкидлади.
Шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги ҳам 307 нафар россиялик ҳарбийнинг Киев назорати остидаги ҳудудлардан қайтарилганини тасдиқлади. Улар ҳам ушбу йирик алмашинув доирасида ватанларига қайтарилди.
Эслатиб ўтамиз, 16 май куни Истанбулда Россия ва Украина ўртасида эришилган келишувларга биноан, 23 май куни 270 нафар россиялик ҳарбий ва 120 нафар тинч аҳоли вакиллари Россияга қайтарилган эди. Шу асосда Киев ҳам ўз навбатида 270 нафар ҳарбий асир ва 120 нафар тинч фуқарони қабул қилган.







