Бразилиялик эркакнинг буйрагидан 35 дона тош олиб ташланди
У кунига 3 литр Coca-Cola ичган.

Бразилиялик уролог Др. Талес Андраде соғлиқ учун хавфли одатлар ҳақида огоҳлантириб, ўз амалиётидаги ҳайратланарли ҳолатлардан бирини бўлишди. У айтишича, бир бемор кунига уч литр Coca-Cola ичишга одатланган. Натижада, беморнинг буйрагидан йиғилиб қолган 35 та катта тошни жарроҳлик йўли билан олиб ташлашга тўғри келган. Бу воқеа нафақат тиббиёт жамоатчилигини, балки ижтимоий тармоқлардаги миллионлаб одамларни ҳам ҳайратга солди. Др. Андраде бу орқали газли ва ширин ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш қанчалик хавфли эканини яна бир бор эслатиб ўтди.
Мутахассисга кўра, Coca-Cola таркибидаги юқори миқдордаги шакар ва фосфор кислотаси организмда калтсий даражасини ошириб, буйракда тошларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Ушбу тошлар сийдик йўлларида йиғилиб, оғриқ, қонли сийдик ва ҳатто ҳаёт учун хавфли ҳолатларга, масалан, буйрак етишмовчилиги ёки сепсисга сабаб бўлиши мумкин.
Доктор Андраде: “Кундалик суюқлик истеъмолини назорат қилиш ва газли ичимликлардан воз кечиш буйрак саломатлигини сақлашда асосий қадамдир,” — деб таъкидлади. Тиббиёт мутахассисларига кўра, кўпинча буйрак тошлари кичик бўлса ҳам ўз-ўзидан чиқиб кетади, аммо катта тошлар фақат операция йўли билан олиб ташланади.







