Германия дунёдаги энг йирик кредитор давлатга айланди
Япония 34 йилдан сўнг кредиторлик етакчилигини Германияга бой берди.

34 йилдан сўнг Япония илк бор ўзининг молиявий етакчилик мақомини йўқотди. Хабарларга кўра, Германия соф хорижий активлар бўйича Японияни ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик кредитор давлатга айланди.
Япония Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, мамлакат компаниялари, уй хўжаликлари ва ҳукуматининг умумий соф хорижий активлари 2024 йилда 13 фоизга ўсиб, йил якунида 533,05 триллион иенга (3,7 триллион доллар) етган. Бу рекорд кўрсаткич бўлишига қарамай, Германиянинг хорижий активлари 3,96 триллион долларни ташкил этиб, Япония натижасини ортда қолдирди.
Бу ўзгаришлар фонида Хитой 3,58 триллион долларлик хорижий активлари билан учинчи ўринда қолмоқда.
Экспертлар Германиянинг олдинга чиқишини жорий ҳисобдаги катта профицит билан изоҳламоқда — 2024 йилда бу кўрсаткич 248,7 миллиард еврога тенг бўлди. Японияда эса айни кўрсаткич 29,4 триллион иен (тахминан 180 миллиард евро) даражасида қайд этилган. Бундан ташқари, евро-иена валюта курсининг йил давомида 5 фоизга мустаҳкамланиши ҳам Германиянинг фойдасига ишлаган.
Япония Молия вазири Катсунобу Катонинг таъкидлашича, бу ўзгариш мамлакат учун жиддий хавотир уйғотмайди.
“Япониянинг соф хорижий активлари изчил ва барқарор ўсишда давом этмоқда. Рейтингдаги бундай силжиш Япония иқтисодий позициясининг кескин ўзгарганидан далолат бермайди”, — деди у журналистлар билан суҳбатда.
Бу янгилик глобал молиявий тақсимотда муҳим бурилиш нуқтаси сифатида баҳоланмоқда. Германия ўз иқтисодий барқарорлиги, экспорт салоҳияти ва фискал эҳтиёткорлиги билан дунёнинг етакчи кредитори сифатида янги босқичга кўтарилди.







