Россия олимларини йўқотмоқда
Уч йил ичида минглаб мутахассислар мамлакатни тарк этди.

Сўнгги уч йил ичида Россияда илм-фан соҳасида хавотирли тенденция юзага келди — олимлар кетмоқда. 2022–2024 йиллар оралиғида ҳар йили Scopus базасидаги россиялик тадқиқотчиларнинг 0,8 фоизи мамлакатни тарк этгани аниқланган. Бу — сўнгги чорак асрдаги энг катта кўрсаткич бўлиб, “ақл оқими” деб аталадиган муаммонинг қанчалик чуқурлашганини кўрсатади.
Олимлар, айниқса, фундаментал фан вакиллари — физиклар, математиклар, астрономлар ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассислар энг кўп чиқиб кетаётган қатлам ҳисобланади. Уларнинг кўпчилиги ўз ишига муносиб шароит, барқарор молиявий таъминот ва илмий эркинликнинг йўқлиги сабаб давлатни тарк этишган. Бу имкониятлар эса ҳозирда Германия, АҚШ ва Шветсарияда кўпроқ мавжуд.







