Ғазода шифокор аёл бир кунда 9 фарзандидан айрилди
Ҳодиса Ғазога уюштирилган бомбордимон вақтида содир бўлган.
Ғазо секторидаги ҳаво ҳужуми натижасида фаластинлик педиатр Аъло ан-Нажжор бир кунда тўққиз фарзандидан айрилди. Ҳодиса Исроил армиясининг Хон Юнусга уюштирган бомбордимони вақтида содир бўлган. Аёлнинг эри — шифокор Ҳамди ан-Нажжор оғир тан жароҳати олган, 11 ёшли ўғли Одам эса омон қолган, бироқ танасидан жароҳатлар олган.
Воқеа рўй берган куни Аъло ан-Нажжор ўз болалари ҳаёти хавф остида бўлишига қарамай, Ғазодаги шифохонада бемор болаларни даволашга йўл олган. Унинг уйи ҳаво ҳужуми чоғида вайрон бўлган. Бомбардимон оқибатида аёлнинг 6 ойлик чақалоғи ҳам ҳалок бўлган.
Бу фожиага халқаро ҳамжамият эътибор қаратмоқда. Фаластиннинг БМТдаги элчиси Риёз Мансур БМТ Хавфсизлик Кенгашида сўзлаган нутқида Нажжор оиласи ҳақида гапириб, кўз ёшларини тиёлмади. Исроил армияси 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазога қарши амалиётлар олиб бормоқда. Расмий маълумотларга кўра, шу кунгача 16 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлган.







