Германияда 6 ёшдан бошлаб болаларга пенсия жамғарилади
Давлат ҳар бир болага ойига 10 евро миқдорида маблағ ажратади.

Германияда болалар учун эрта ёшдан пенсияга жамғариш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Янги “эрта пенсия” дастурига кўра, давлат 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун ойига 10 евро миқдорида маблағ ажратади. Бу ҳақда маҳаллий ОАВлар хабар бермоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади – болаларга молиявий барқарорликни эрта ёшдан таъминлаш, келажак авлодларни пенсия тизимига тайёрлашдир.
Расмийлар бу ташаббусни аҳолининг молиявий келажагига бугундан эътибор қаратаётган давлат сиёсатининг яққол далили, деб баҳоламоқда. Шунингдек, болаларда молиявий саводхонликни ошириш, жамғарма маданиятини шакллантириш ва пенсия сиёсатига замонавий ёндашувни киритиш ҳам кўзда тутилган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу каби чоралар ёшларнинг келажакда мустақил ва барқарор ҳаёт кечиришига ёрдам беради ҳамда пенсия тизимидаги муаммоларни узоқ муддатли ёндашув орқали ҳал этиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда Германияда пенсия ёшини ошириш ва меҳнат фаолиятини узайтириш масалалари кўп муҳокама қилинган эди. Янги ташаббус эса, аксинча, пенсия тизимига эрта тайёргарлик тамойилларини илгари суради.







