Нью-Йоркда коммунал тўловлар биткоин орқали тўланиши мумкин
Мактабларда криптовалюталарга оид саводхонлик оширилади.

Нью-Йорк шаҳри фуқаролари яқин орада коммунал тўловларни биткоин орқали амалга ошириши ва ҳатто маошларини ҳам шу криптовалютада олиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Бу ҳақда шаҳар мери Эрик Адамс Лас-Вегасда бўлиб ўтаётган Битсоин 2025 конференциясида маълум қилди.
Мернинг айтишича, шаҳар маъмурияти биткоин ва бошқа криптовалюталардан фойдаланишнинг шаҳар даражасидаги амалий жиҳатларини баҳоламоқда. Кейинги босқичда штат ва федерал ҳукумат билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилмоқда.
Эрик Адамс, шунингдек, криптовалюталарга оид саводхонликни ошириш муҳимлигини таъкидлаб, мактабларда болаларни бу борада ўқитишни бошлаш ниятида эканини билдирди.
“Криптовалюталар келажагимизнинг ажралмас қисмига айланмоқда. Биз мактабларда бу билимларни жорий этмоқчимиз. Бу — жуда муҳим йўналиш”, — деди у.
Адамс илгари ҳам технология ва молиявий инновацияларни тарғиб қилиб келган. У шаҳарни крипто марказлардан бирига айлантириш тарафдори сифатида танилган.







