Швейтсарияда музлик қолдиқларини тозалаш узаймоқда
Тозалаш ишлари 6 йилгача давом этиши мумкин.

Швейтсариянинг Вале кантонида жойлашган Блаттен қишлоғи яқинида Алп тоғларидаги музликнинг ёрилиши ва сел оқибатида ҳосил бўлган вайроналарни тозалаш ишларига 6 йилгача вақт кетиши мумкин. Бу ҳақда “20 Минутен” нашри хабар бермоқда.
28 май куни юз берган ҳодиса натижасида музликнинг катта қисми парчаланиб, тахминан 3 миллион куб метр ҳажмдаги тош ва тупроқ массаси ҳудуд бўйлаб тарқалган. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, агар тозалаш ишлари учун 25 тонналик юк машиналари жалб қилинса, барча чиқиндиларни олиб чиқиш учун 200 000 мартадан ортиқ сафар амалга оширилиши керак бўлади.
Агар бир вақтнинг ўзида 100 та юк машинаси ишлатилса ҳам, тозалаш ишлари 5 йил 9 ой давом этиши тахмин қилинмоқда. Ҳозирча расмийлар ишларнинг аниқ муддатини айтмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, 28 май куни содир бўлган табиий офат натижасида Блаттен қишлоғининг катта қисми вайрон бўлган, камида битта фуқаро бедарак йўқолган. Бахтли тасодиф туфайли, геология хизматининг 19 май куни берган огоҳлантируви асосида аҳоли олдиндан эвакуация қилинган эди.







