АҚШда ахлат қутисидан 50 минг долларлик расм топилди
Асар 2021 йилда галереядан ўғирлаб кетилган.

АҚШ полицияси таниқли канадалик рассом Жан-Пол Риопелга тегишли, 2021 йилда Эдмонтондаги галереядан ўғирланган асарни топиб олди. “Номсиз, акварел ва қоғоздаги сиёҳ” номли бу расм ўғрилар томонидан бошқа бир нечта санъат асарлари билан бирга эшикни синдириш йўли билан ўғирланган эди. Полиция у вақтда ўғриларни аниқлай олмаган ва тергов ёпилган эди.
Тўрт йил ўтиб, Нью-Йоркдаги бир киши ушбу асарни ким ошди савдосига қўйишга ҳаракат қилганида, у аслида ахлат қутисидан топилганини ва йиллар давомида шкафда сақлаб келганини маълум қилди.
Ҳозирда расмни сақлаб келган киши полиция ҳисоботини ўрганиб чиқиб, уни суғурта компаниясига қайтаришга розилик билдирди.
Асарнинг нархи 2022 йилда 50 690 – 57 932 доллар миқдорида баҳоланган.
Бу ҳодиса санъат оламида ноёб ҳолатлардан бири бўлиб, йўқолган асарларнинг кутилмаган тарзда топилиши мумкинлигини яна бир бор исботлади.







