Ҳиндистонда коронавирус билан касалланиш кескин ошди
Сўнгги бир сутка давомида 360 дан ортиқ янги ҳолат қайд этилган.

Ҳиндистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари кескин кўпайди. Мамлакат Соғлиқни сақлаш ва оилавий фаровонлик вазирлигининг маълумотига кўра, COVID-19 билан касалланганлар сони 3700 нафардан ошган. Бу охирги бир неча ой ичидаги энг юқори кўрсаткичдир.
Сўнгги бир сутка давомида 360 дан ортиқ янги ҳолат қайд этилган. Касаллик оқибатида икки бемор – 63 ёшли эркак ва 24 ёшли аёл вафот этган. Ҳар икки ҳолатда ҳам беморлар ёндош касалликларга эга бўлган.
Янги ҳолатларнинг энг кўп қисми Керала (1336 ҳолат), Махараштра (467) ва Деҳли (375) штатларида аниқланган.
Ўтган ҳафтада бутун мамлакат бўйича атиги 257 та ҳолат аниқланган эди. Бу кўрсаткич 10 кун ичида қарийб 15 баробар ошган.
Соғлиқни сақлаш мутасаддилари аҳолига ҳушёрликни сақлаш, жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш ва шахсий гигиена қоидаларига амал қилишни тавсия қилмоқда.
Касалланиш ҳолатларининг кўпайиши икки янги вирус субвариантлари — NB.1.8.1 ва ЛФ.7 билан боғлиқ экани қайд этилмоқда. Улар Хитой, Тайван, Гонконг ва Австралияда ҳам тарқалган. ЖССТ уларни ҳозирча “назорат остидаги вариантлар” рўйхатига киритган.
Ўзбекистонда эса эпидемиологик вазият барқарор. Санитария-эпидемиологик осойишталик қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабековга кўра, янги штаммларнинг тарқалиши кузатилмаяпти ва аҳоли орасида хавотирга асос йўқ.







