Японияда замонавий ҳимоя линзалари ишлаб чиқилди
Ушбу турдаги линзалар кўзларни электромагнит нурлардан ҳимоя қилади.

Япониялик олимлар кўз саломатлигини янги босқичга олиб чиқадиган инновацион технологияни тақдим этди. Улар контакт линзалар учун ёруғликни ўтказадиган, бироқ электромагнит тўлқинларни тўсадиган махсус шаффоф қоплама ишлаб чиқишди. Бу технология кўзларни замонавий “ақлли” линзалар ва электроника воситаларидан тарқаладиган зарарли нурланишлардан ҳимоя қилишга қаратилган.
Хабарларга кўра, бу янгилик ҳақида Токиодаги Васеда университети матбуот хизмати эълон қилган. Ташаббус муаллифларидан бири, профессор Мипанясе, бундай ҳимоя зарурлигини изоҳлар экан, қуйидагиларни таъкидлади: “Смарт линзалар тобора оммалашмоқда. Аммо улар ишлаб чиқарадиган электромагнит тўлқинлар тўғридан-тўғри кўз тўр пардасига таъсир қилади. Биз айнан шундан ҳимоя қилувчи икки ўлчамли материаллар асосида қоплама ишлаб чиқдик”.
Физиклар контакт линзаларга MXene деб аталувчи ноёб плёнка қопламасини татбиқ этиш ёндашувини таклиф қилди. Ушбу материаллар ўта юпқа қатламлардан иборат бўлиб, металларга хос хусусиятларга эга. Улар кўринадиган ёруғликнинг 90 фоизини ўтказади, аммо электромагнит нурланишни деярли тўлиқ блоклайди.
Титан карбид асосида ишлаб чиқилган бу плёнкалар “ақлли” линзалар орқали юзага келадиган зарур бўлмаган нурланишларни тўсиб, кўзнинг ички қисмларини муҳофаза қилади. Амалий тажрибаларда бу линзалар ҳайвонлар устида синовдан ўтказилди. Натижада MXene қопламаси электромагнит нурланишнинг 93 фоизини ютиб, уни камроқ зарарли инфрақизил нурланишга айлантиргани қайд этилди.
Яна бир муҳим жиҳат: бу технология фақат линзаларда эмас, балки биоимплантлар, электрон тиббий асбоблар ва организм билан тўғридан-тўғри алоқада бўладиган бошқа қурилмаларда ҳам қўлланилиши мумкин.







