Германияда болалар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланиши мумкин
Германиялик сиёсатчи болаларни ижтимоий тармоқлардан ҳимоя қилишга чақирди.

Германиянинг Шлезвиг-Голштейн федерал штати Бош вазири Даниел Гюнтер 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш тарафдори эканини билдирди.
Гюнтернинг таъкидлашича, назорат қилинмаган ижтимоий тармоқлар болаларни зўравонлик, жинсий зўравонлик саҳналари ҳамда сохта янгиликлар каби хавфли контентга дучор қилади.
“Давлат сифатида биз болаларни ҳимоя қилиш борасида охирги йилларда ўз вазифамизни етарлича бажармадик. Энди эса вазиятни ўзгартириш ва 16 ёшгача бўлган болаларни ижтимоий тармоқларсиз тарбиялаш учун қатъий чоралар кўриш вақти келди”, — деди сиёсатчи.
У айнан қайси платформаларга киришни чеклаш кераклигини аниқлаб, Facebook, Instagram ва TikTok каби машҳур ижтимоий тармоқларни тилга олди. “Улар жуда кенг тарқалган, ва айнан шуни бизга тартибга солишимиз зарур”, — дея қўшимча қилди Гюнтер.
Бош вазир, шунингдек, Германияда ёшлар орасида зўравонлик ҳолатлари ортиб бораётганини таъкидлаган. Унга кўра, баъзан 15–16 ва ҳатто ундан кичик ёшдаги ёшлар ҳам қурол билан ҳужум қилмоқда.
“Агар биз қатъий қоидаларни жорий қилсак, бу ҳолатни назорат қилишимиз мумкин. Бу эркинликни чеклаш эмас, балки болаларни ҳимоя қилишдир”, — дея хулоса қилди Гюнтер.







