Россияда кўп фарзандли оилаларга фоизсиз уй-жой кредити берилади
Ушбу таклиф ҳали қонун даражасига кўтарилмаган.

Россияда туғилиш кўрсаткичини ошириш учун кўп фарзандли оилаларга фоизсиз уй-жой кредити бериш таклиф қилинди. Бу ташаббус билан Татаристон болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Ирина Волйнетс чиқди. Унга кўра, кўплаб оилалар уй-жой муаммоси туфайли фарзандли бўлишга шошилмаяпти.
Волйнетснинг фикрича, биринчи фарзанд туғилганда оилаларга фоизсиз кредит берилиши керак. Ҳар кейинги фарзанд туғилгани сари қарзнинг бир қисми давлат томонидан ёпилади. Масалан, иккинчи фарзанд учун – 25 фоиз, учинчи учун – яна 25 фоиз.
Агар оилада тўртинчи фарзанд туғилса, қолган кредит бутунлай ёпилади. Шу тарзда оилалар молиявий оғирликсиз уй-жойга эга бўлиш имконига эга бўлади.
Ушбу таклиф ҳали қонун даражасига кўтарилмаган, бироқ у ижтимоий тармоқларда ва ОАВда кенг муҳокама қилинмоқда. Таклиф расмий даражада кўриб чиқилса, кўп фарзандли оилалар учун муҳим ёрдам бўлиши мумкин.







