Калифорния губернатори Трампни судга берди
У федерал қонунларни бузганликда айбланмоқда.

Калифорния штати губернатори Гевин Нюсом АҚШ президенти Доналд Трамп, Пентагон ва мудофаа вазири Пит Хегсеттни судга берди. Сан-Франсиско федерал округ судига тақдим этилган 22 саҳифалик даъво аризасида Трамп АҚШ Конституцияси ва федерал қонунларни бузганликда айбланмоқда.
Даъвода, Трамп фавқулодда ваколатлардан фойдаланган ҳолда бир неча бор қонуний чегараларни бузгани, жумладан, Калифорния губернаторининг рухсатисиз Миллий гвардияни Лос-Анжелесга юборгани таъкидланган. Штат раҳбарияти суддан бу ҳаракатни бекор қилишни ва Миллий гвардия устидан назоратни штатга қайтаришни талаб қилмоқда.
Калифорния бош прокурори Роб Бонтанинг сўзларига кўра, бу ҳолат 1970 йилдан бери – Ричард Никсон давридаги воқеалардан буён биринчи марта рўй бермоқда. Шу билан бирга, бу 1965 йилдан бери штат губернаторининг розилигисиз амалга оширилган илк ҳарбий жойлаштириш ҳисобланади.
Трамп эса Миллий гвардиянинг ҳаракатларини мақтаб, уларнинг иштирокисиз шаҳар катта талафот кўрган бўларди, деб баёнот берган. У Калифорния ва Лос-Анжелес раҳбариятини бефарқликда айблаб, губернаторни ҳибсга олиш эҳтимолини ҳам истисно қилмаган.







