АҚШ-Хитой ўртасида савдо келишуви режалаштирилмоқда
Томонлар савдо чекловларини юмшатиш бўйича келишишди.

АҚШ ва Хитой расмийлари ўзаро савдони эркинлаштириш борасида муҳим келишувга эришдилар. Лондонда бўлиб ўтган музокаралар чоғида томонлар савдодаги қатор чекловларни бекор қилиш ҳамда Хитойдан ноёб тупроқ металларини етказиб беришни таъминлаш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишди.
Бу ҳақда АҚШ савдо вазири Говард Латник хорижий ОАВга берган интервьюсида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, томонлар "Женева консенсусини амалга ошириш бўйича" келишувга эришган.
“Биз савдо-сотиқдаги зиддиятларни юмшатиш ҳамда стратегик хомашёлар, хусусан, ноёб тупроқ металларининг барқарор етказиб берилишини таъминлаш бўйича амалий чоралар режасини ишлаб чиқдик,” — деди Латник.
Мазкур ҳаракатлар режаси яқин кунларда АҚШ президенти Доналд Трамп ва Хитой етакчиси Си Тсзинпинга тақдим этилиши кутилмоқда. Бу қадам икки давлат ўртасидаги узоқ йиллик савдо низоларини юмшатиш ва глобал бозорлар барқарорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнаши мумкин.







