Дубайда дунёнинг энг баланд метро станцияси қурилади
74 метрли метро станция 2029 йилда ишга туширилади.

Дубай ўзининг яна бир улкан архитектура лойиҳаси билан диққат марказида бўлмоқда. Шаҳарда дунёнинг энг баланд метро станцияси барпо этилади. Бу иншоот 74 метр баландликка эга бўлади ва 2029 йилда очилиши режалаштирилган.
Янги “Мовий тармоқ” метро линиясининг қурилиши Дубайнинг шимоли-шарқий қисмини ривожлантириш, тирбандликни камайтириш ҳамда халқаро аэропорт билан узвий боғланишни таъминлашни мақсад қилган.
Метро станциясининг дизайни Skidmore, Owings & Merrill (SOM) архитектура компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Айнан ушбу компания илгари Бурж Халифа, Нью-Йоркдаги Олимпия минораси ва Чикагодаги Sears минораси каби муҳташам лойиҳалар устида ишлаган.
Янги Emaar Properties станцияси ҳар куни 160 минг йўловчини қабул қилиш имкониятига эга бўлади. 2040 йилга бориб, бу рақам 200 минг нафарга етиши кутилмоқда. Архитекторлар станцияни шаҳар ландшафтига уйғунлаштириб, "Дубай – келажакка кириш эшиги" контсепциясини амалда ифодалашга интилмоқда.
“Мовий тармоқ” 30 км масофани босиб ўтиб, 14 та янги станцияни бирлаштиради. Йўловчиларни 28 та замонавий поэзд ташийди. Бу линия орқали ҳар икки йўналишда соатига 46 минг киши ташилиши мумкин бўлади. 2030 йилга келиб, ушбу кўрсаткич 200 минг йўловчигача етиши режалаштирилган.
Янги тармоқ қурилиши якунлангач, Дубай метросининг умумий узунлиги 131 км га, станциялар сони эса 78 тага етади. “Мовий тармоқ” Дубайнинг тўққизта асосий туманини бирлаштириб, 2040 йилгача бўлажак 1 миллиондан ортиқ аҳолига хизмат қилади.
Лойиҳа умумий қиймати 20,5 миллиард дирҳамни (тахминан 5,6 миллиард доллар) ташкил этади. Қурилиш ишлари учун тендерни Туркиянинг Mapa ва Limak, ҳамда Хитойнинг CRRC компаниялари ютиб олган.
Ушбу лойиҳа Дубайнинг 2040 йилгача мўлжалланган умумий ривожланиш стратегияси билан бевосита боғлиқ бўлиб, замонавий транспорт инфратузилмаси орқали келажак шаҳрини яратишга қаратилган навбатдаги муҳим қадамлардан биридир.







