Калифорния губернатори америкаликларни Трампга қарши чақирди
Невсом: "Демократия хавф остида, Трампга қарши туринг".

Калифорния губернатори Гавин Невсом АҚШ фуқароларини президент Доналд Трамп ва унинг сиёсий йўналишига қарши фаол ҳаракат қилишга чақирди. Бу чақириқ Лос-Анжелес шаҳрида ўтказилган оммавий норозилик намойишлари чоғида янгради.
Невсом ўз чиқишида шундай деди: “Трамп сизнинг жим бўлишингизни хоҳлайди. Аммо Калифорния бунга рози эмас. Бу кураш фақат биз билан тугамайди — бошқа штатлар ортимиздан эргашади. Демократия кўз ўнгимизда ҳужум остида”.
Невсом Трампнинг сиёсатини демократик тамойилларга таҳдид сифатида баҳолади ва фуқаролик жамиятини бу хавфга бефарқ бўлмасликка даъват этди.
Аввалроқ, Невсом Трампнинг Лос-Анжелесга ҳарбий куч — денгиз пиёдалари ва миллий гвардияни юбориш режасига қарши чиқиб, уни судга берган эди.
“Мен Трампнинг Лос-Анжелесда ҳарбий кучларни ноқонуний жойлаштиришига қарши судга мурожаат қилдим. Бу фавқулодда ариза орқали судлар ушбу ноқонуний ҳаракатларни дарҳол тўхтатиши керак,” — деб ёзди у ижтимоий тармоқларда.
Невсомнинг бу позицияси Калифорниянинг федератив тузумдаги сиёсий мустақиллик ва конституциявий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш борасидаги қатъий ёндашувини акс эттиради. Бу ҳолат, Трампнинг қайта сиёсий фаоллашуви фонида, мамлакатда сиёсий қарама-қаршиликлар яна кучайганини кўрсатмоқда.







