Ҳиндистонда йўловчи самолёти ҳалокатга учради
Самолёт аҳоли турар жой ҳудудига қулаган.

Air India авиакомпаниясига тегишли йўловчи самолёти Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳридан Лондонга парвоз қилиш чоғида ҳалокатга учради. Самолёт ҳавога кўтарилганидан бир неча дақиқа ўтиб, Гужарот штатидаги Меганинар туманидаги турар жой ҳудудига қулаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, бортда 232 нафар йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳалокат жойидан кўтарилган қора тутун бир неча километр узоқликдан ҳам кўзга ташланди. Ҳудуддаги йўллар вақтинча ёпилган, қутқарув ишларига кўплаб хизматлар жалб этилган.
Air India компанияси ҳодиса юз берганини тасдиқлади ва ҳозирда воқеа тафсилотларини аниқлаётгани ҳақида маълумот берди. Самолёт AI171 рейси бўлиб, Аҳмадобод – Лондон (Гатвик) йўналишида парвоз қилаётган эди. Расмийлар ҳалокат сабаблари ва жабрланганлар сони ҳақида кейинроқ маълумот беришини билдирган.







