Жанубий Корея КХДР билан чегарадаги тарғибот эшиттиришларини тўхтатди
Янги президент Кореялараро ишончни мустаҳкамламоқчи.

Жанубий Корея ҳукумати Шимолий Корея билан чегарадош ҳудудларда овоз кучайтиргичлар орқали олиб борилаётган тарғибот эшиттиришларини расман тўхтатди. Бу чорани мамлакатнинг янги сайланган президенти Ли Чже Мён Кореялараро ишончни мустаҳкамлаш ва яриморолга тинчлик олиб келиш мақсадида амалга оширди.
Аввалроқ, Жанубий Корея ушбу эшиттиришлар орқали Шимолий Корея фуқароларига мўлжалланган сиёсий ва маданий мазмундаги хабарларни узатиб келган эди. Бу амалиёт КХДР томонидан доимий танқид остига олинган ва ҳарбий тарангликни оширувчи омил сифатида баҳоланган.
Президент Ли Чже Мённинг ушбу қарори икки Корея ўртасидаги алоқаларни юмшатиш йўлида муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда. Расмий Сеул ҳозирча Пхеняннинг бу борадаги муносабатини кутмоқда.







