Эронда Натанздаги зарбадан сўнг ички радиация аниқланган
Бу ҳақда атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори маълум қилди.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТE) бош директори Рафаэл Гросси Исроил томонидан Эрондаги Натанз уран бойитиш марказига уюштирилган ҳужумдан сўнг иншоот ичида альфа-зарралар ажралиб чиққанини маълум қилди.
Гроссининг айтишича, иншоот ташқарисидаги радиация даражаси ўзгармаган ва мавжуд ҳимоя чоралар билан назорат қилинмоқда. У, шунингдек, ҳар қандай ҳолатда ҳам ядровий иншоотларга ҳужум қилинмаслиги кераклигини қатъий таъкидлади.
“Бундай ҳужумлар нафақат атроф-муҳит, балки бутун инсоният учун хавф туғдиради. Бу ҳолатлар глобал ядро хавфсизлиги, минтақавий ва халқаро тинчлик учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин”, — деди Гросси.
Эрон Атом энергияси ташкилоти раҳбари Муҳаммад Исломи эса Натанздаги иншоотга етган зарар катта эмаслигини билдириб, радиация сизиб чиқиши ҳолати аниқланмаганини таъкидлади. Унга кўра, зарар фақат маҳаллий даражада бўлган ва қурбонлар йўқ.







