Италия Эрон бўйича қаттиқ баёнот билан чиқди
Гиоргиа Мелони: “Эрон раҳбариятини халқ ағдариши керак”.

Италия бош вазири Гиоргиа Мелони G7 саммитидан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида Эроннинг ҳозирги раҳбариятини халқ ағдариши керак деган фикрни билдирди.
“Мен ҳар доим энг яхши сценарий бу — Эрон халқи ўз ҳукмрон тузумини ағдариши, деб ҳисоблаб келганман. Бу ҳолда, биз мавжуд шароитлардан келиб чиқиб, реал сценарийлар доирасида ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Асосий мақсад — Эроннинг ядровий давлатга айланишининг олдини олиш”, — деди Мелони.
Бош вазиранинг сўзларига кўра, Эрон ядровий қуролга эга бўлиши нафақат Исроилга, балки халқаро хавфсизликка таҳдид солади. У глобал ҳамжамиятни Эроннинг ядровий амбицияларига қарши бирлашишга чақирди.
“Биз кескинлашув томон кетмоқдамиз. Таҳдид ҳақиқатдир. Уни бартараф этиш зарур. Ҳамма музокаралар йўли орқали бу муаммони ҳал қилиш мумкинлигига ишонади, лекин ҳозирча бу уринишлар самара бермаяпти”, — деди Мелони.
У шунингдек, яна бир имконият мавжудлигини билдирди: “Эрон билан музокаралар олиб бориш ва уни ядровий мақомдан воз кечишга ундаш умумий манфаатимиздир”.







