Хакерлар британиялик тадқиқотчини алдашга уринди
Улар АҚШ номидан сохта таклиф билдиришган.

Киберхавфсизлик оламида яна бир ғалати ва хавотирли воқеа рўй берди. Россиялик хакерлар ўз мақсадларига эришиш учун бу сафар АҚШ Давлат департаменти ходими образига кириб, машҳур британиялик тадқиқотчи Кейр Гилсни алдамоқчи бўлишди.
Хакерлар Гилсга электрон почта орқали мурожаат қилиб, ўзларини “Клоди Вебер” исмли АҚШ расмийси деб таништиришган. Улар тадқиқотчини "махфий" учрашувга таклиф этишган ва унга ҳукуматга оид иловани ўрнатишни ҳам талаб қилишган. Бу эса, албатта, шубҳа уйғотган.
Киберхавфсизлик бўйича мутахассислар ушбу ҳужумни чуқур ўрганганидан сўнг, Google бу ҳолатни Россия ҳукумати билан боғлиқ хакер гуруҳлари билан алоқадор деб топди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақда ҳозирча изоҳ бермаган. Аммо воқеа шуни кўрсатадики, хакерлар тобора мураккаб ва ишонарли кўринадиган усуллардан фойдаланмоқда. Интернетдаги ҳар бир ҳавола ёки таклиф ортида қандай ният ётганини фарқлаш эса кундан-кунга қийинлашмоқда.







