Ерда ҳалокатли об-ҳаво ҳодисалари кескин ошди
Қурғоқчилик ва сув тошқини ҳолатлари ортмоқда.

Сўнгги беш йил ичида Ер юзида ҳаддан ташқари об-ҳаво ҳодисалари — сув тошқинлари, қурғоқчилик ва бошқа фалокатлар — тез-тез, узоқ давом этувчи ва янада вайронкор шаклда юз бермоқда. Бу ҳақда НАСА маълумотларига асосланган янги тадқиқотда маълум қилинди.
Тадқиқот муаллифлари НАСАънинг GRACE сунъий йўлдош миссияси орқали кузатилган экологик ўзгаришлар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиб, натижалардан ҳайратда ва ташвишда қолганликларини билдирган.
Уларнинг фикрича, бу ўзгаришларнинг энг эҳтимолий сабаби — иқлим ўзгариши. Аммо шуни алоҳида таъкидлашадики, бу ҳодисаларнинг кучайиши глобал ҳароратнинг ортишидан ҳам тезроқ кечмоқда.
Тадқиқот ҳозирча илмий расмий экспертизадан ўтмаган, аммо олимлар якуний хулосага келиш учун камида яна ўн йил кераклигини айтмоқда. Шу билан бирга, улар мавжуд далиллар ҳаддан ташқари ҳодисаларнинг ортишида глобал исиш асосий омил бўлиши мумкинлигини кўрсатишини таъкидлашмоқда.
НАСА Goddard космик марказининг гидрология бўлими олими Бейлинг Ли шундай деди: “Биз бу ўзгаришлар ортида айнан нима турганини ҳали аниқ айта олмаймиз, аммо иссиқлик — энг катта гумондор. Янги маълумотлар бизни жиддий ташвишга солмоқда”.
Бўлим раҳбари Метю Роделл эса эҳтиёткорлик билан фикр билдириб, маълумотлар ҳануз ўрганилиши кераклигини айтди, лекин: “Ҳа, бу жуда қўрқинчли ҳолат,” — дея тан олди у.
Аввалроқ тадқиқотчилар НАСАънинг илгари тўпланган маълумотларини ҳам таҳлил қилиб, сув тошқини ёки қурғоқчиликлар каби ҳодисаларнинг кучини аниқлаш учун махсус математик моделдан фойдаланган. Бу модель воқеа давомийлиги, қамров майдони ва намлик даражасини ҳисобга олган.







