Бразилияда ҳаво шари қулаб тушди
Фожиа оқибатида 8 киши ҳалок бўлган.

Бразилиянинг Санта-Катарина штатида жойлашган Праиа Гранде шаҳри осмонида мудҳиш фожиа юз берди. Саёҳатчиларни олиб учган иссиқ ҳаво шари парвоз чоғида бирдан ёнғин олиб, ерга қулади. Воқеа натижасида ҳозирча 8 кишининг ҳаётдан кўз юмгани тасдиқланган.
Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, ҳаво шарида жами 22 киши бўлган. Ёнғин ҳавода содир бўлгач, шарда бўлган йўловчиларни қутқариш учун дарҳол фавқулодда хизматлар сафарбар қилинган.
Санта-Катарина штати губернатори Жоргинё Мелло ҳодиса юзасидан ижтимоий тармоқ орқали баёнот бериб, икки киши омон қолгани, қолган йўловчилар бўйича қидирув ишлари давом этаётганини билдирди.
Қутқарувчилар ҳодиса жойида иш олиб бормоқда, воқеа сабаблари ва тафсилотлари ҳозирча аниқлаштирилмоқда.







