АҚШнинг Эронга ҳужуми глобал иқтисодий хавф туғдирмоқда
Халқаро валюта жамғармаси уруш иқтисодий оқибатларидан огоҳлантирди.

Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристалина Георгиева АҚШнинг Эрондаги ядровий иншоотларга берган зарбалари глобал иқтисодиёт учун янги хавф манбаи бўлиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у Bloomberg агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Биз ушбу воқеаларни глобал беқарорлик шароитида ноаниқликни кучайтирувчи омил сифатида кўрамиз”, — деди Георгиева.
Унинг сўзларига кўра, айниқса энергия нархларида кескин ўзгаришлар кузатилмоқда. Шунингдек, ушбу ҳарбий ҳаракатларнинг иккинчи ва учинчи даражадаги иқтисодий оқибатлари ҳам юзага келиши мумкин. Бироқ, Георгиева бу оқибатлар нималардан иборат бўлиши мумкинлигини аниқлик билан очиқламади.
Маълумот учун, 22 июнга ўтар кечаси АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги йирик ядровий иншоотларига ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Президент Доналд Трамп бу операцияни “муваффақиятли” деб эълон қилди, бироқ Теҳрон бу баёнотларни инкор этиб, объектлар фақат қисман зарар кўрганини маълум қилди.








