Трамп CNN хабарини инкор этди: “Бу сохта янгиликлар”
АҚШ президенти Эронга 30 миллиард доллар бериш ҳақидаги хабарларга жавоб берди.

Доналд Трамп оммавий ахборот воситаларида тарқалган “Эронга 30 миллиард доллар ажратилиши” ҳақидаги хабарларни қатъиян рад этди. У бу ҳақда ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида баёнот берди деб ёзади oxu.az нашри.
“Сохта янгиликлар яна ишда. Улар гўёки мен Эронга ҳарбий бўлмаган ядровий иншоотлар қурилиши учун 30 миллиард доллар бермоқчиман, деб даъво қилмоқда. Бу бемаънилик. Мен бу ғоя ҳақида ҳеч қачон эшитмаганман. Бу — яна бир ёлғон, яна бир обрўсизлантириш ҳаракати. Бу одамлар жиддий муаммога эга!” — деб ёзди Трамп.
Унинг бу баёноти CNN томонидан тарқатилган хабарларга жавоб бўлди. Каналнинг хабар беришича, АҚШ маъмурияти Эрон билан музокараларга қайтиш доирасида Теҳроннинг уранни бойитиш фаолиятидан воз кечишига эваз сифатида ҳарбий бўлмаган ядровий дастурни ривожлантириш учун 30 миллиард долларгача маблағ олиш имконияти муҳокама қилинмоқда.
Манбаларга кўра, бу маблағлар АҚШ томонидан эмас, балки Форс кўрфази давлатлари томонидан тақдим этилиши мумкин. АҚШ, ўз навбатида, музокараларга воситачи сифатида раҳбарлик қилишга тайёрлигини билдирган.
Шунингдек, бошқа таклифлар ҳам муҳокама қилинмоқда. Жумладан, Эроннинг хориждаги 6 миллиард долларлик музлатилган активларига киришига рухсат бериш, айрим санкцияларни юмшатиш ва уранни бойитиш имкониятисиз янги ядровий инфратузилма яратиш таклифлари ҳам кун тартибида.
Маълумот учун, бу музокаралар Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик кучайган бир вақтда, яқин Шарқдаги стратегик барқарорликни сақлаб қолиш мақсадида олиб борилмоқда.







