Туркияни ёнғинлар тўлқини қамраб олди
Ёнғинлар сабаб Туркияда эвакуация ва ҳаво кучлари сафарбар қилинди.

Туркиянинг бир неча вилоятларида, жумладан курорт ва қишлоқ ҳудудларида ўрмон ёнғинлари кузатилмоқда. Бу ҳақда “İhlas” ахборот агентлиги (İHA) хабар берди.
Энг жиддий ёнғинлардан бири Бурса вилоятининг Усмонғози туманида қайд этилди. Кучли шамол натижасида ўрмонлардаги алангалaр яшаш ҳудудларига тарқалди, натижада айрим уйлар жиддий зарар кўрди. Расмий маълумотларга кўра, ҳозирча жароҳат олганлар қайд этилмаган.
Фавқулодда ҳолатга тезкор муносабат билдирилиб, ёнғинни бартараф этиш ишларига ўт ўчирувчилар, жандармия кучлари, AFAD (Фавқулодда вазиятлар бошқармаси), ўрмон хўжалиги ходимлари, шунингдек, кўнгилликлар жалб этилган. Операцияда вертолётлар ва самолётлар ҳам фаол қатнашмоқда.
Анталия вилоятида ҳам икки алоҳида нуқтада ёнғинлар юзага келган. Аксу туманида даладаги экинлар ёнғинга учраган, бироқ ёнғин иссиқхоналар ва турар жойларга етиб бормасдан тезда назоратга олинган. Аланья туманида ёнғинлар билан кураш давом этмоқда – бу ерда ҳам ҳаводан ва қуруқликдан махсус техника сафарбар этилган.
Аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ёнғинга яқин жойлардаги айрим бинолардан одамлар вақтинчалик эвакуация қилинди. Тергов органлари ёнғин сабаблари юзасидан суриштирув олиб бормоқда.







