“Эроннинг Қатарга ҳужуми Форс кўрфази давлатлари обрўсига путур етказди”
БАА президентининг дипломатик маслаҳатчиси Қатардаги ҳарбий базага уюштирилган ҳужумни кескин қоралади.

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) президентининг дипломатик маслаҳатчиси Анвар Гаргаш Эрон томонидан Қатардаги Ал-Удейд ҳарбий базаси ҳудудига уюштирилган ҳужумни кескин қоралади. Бу ҳақда "ТАСС" агентлиги хабар берди.
Гаргашнинг сўзларига кўра, Эроннинг бу ҳаракати нафақат Қатар суверенитетини бузган, балки бутун Форс кўрфази давлатларининг ишончи ва обрўсига путур етказган. У ҳужумни минтақа хавфсизлиги учун жиддий таҳдид деб баҳолади.
БАА расмийси араб монархиялари Исроил ва Эрон ўртасидаги эҳтимолий урушга нисбатан қатъий ва аниқ позицияда турганини таъкидлади. Шунга қарамай, Эроннинг Қатар ҳудудига қилган ҳужуми минтақавий барқарорликка хавф солганини билдирди.
Унинг фикрича, бундай ҳаракатлар Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги бирдамликка путур етказади ва дипломатик йўл билан ҳал қилиниши керак бўлган масалаларни янада кескинлаштиради.







