Франция мамлакатдаги барча чангютгичларни қайтариб олмоқда
Электр чангютгичларда хавфли ишлаб чиқариш нуқсони аниқланган.

Францияда машҳур “Silvercrest” электр чангютгичларида хавфли ишлаб чиқариш нуқсони аниқлангани сабабли, маҳсулотлар бозордан чақириб олина бошланди. Бу ҳақда “Sozcü” газетаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, бу нуқсон бутун Францияда сотилган чангютгичларда кузатилган. Мутахассислар фикрича, носозлик портлаш ёки ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу сабабли, компания ушбу қурилмаларни хавфсизлик нуқтаи назаридан қайтариб олишга қарор қилган. Аҳолига чангютгичлардан фойдаланмаслик ва уларни зудлик билан топшириш тавсия этилмоқда.
Мижозлар 2025 йил 28 августга қадар сотиб олинган маҳсулотларини дўконларга қайтаришлари керак. Компенсация ёки алмаштириш тартиби савдо нуқталари орқали амалга оширилади.







