Франция қамоқхоналарида кемирувчилар ва тараканлар кўпаймоқда
БМТ бу борада Франция ҳукуматидан зудлик билан чоралар кўришни талаб қилмоқда.

Францияда қамоқхоналарнинг ҳаддан ташқари тўлиб кетгани ва оғир гигиеник шароитлар халқаро даражада танқид остида қолди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари идораси ҳузуридаги Қийноқларга қарши қўмита аъзоси Абдураззоқ Руван бу ҳолатни жиддий хавф деб атади.
Унинг таъкидлашича, Францияда 61 минг маҳбус учун мўлжалланган жойга 79 мингдан ортиқ маҳкум жойлаштирилган. Бу ортиқча юклама натижасида қамоқхоналар шароити кескин ёмонлашган, айниқса кемирувчилар ва тараканлар сони кўпайиб кетгани қайд этилган.
Қўмита Франциядаги ахлоқ тузатиш муассасаларини Қийноқларга қарши конвенция қоидаларига мувофиқ ўрганиб чиққан. Натижаларига кўра, гигиеник талаблар бузилаётгани, санитария шароитлари ёмонлиги ва ходимлар етишмаслиги аниқланган.
БМТ бу борада Франция ҳукуматидан зудлик билан чоралар кўришни ва қамоқхоналардаги инсоний яшаш шароитларини таъминлашни талаб қилмоқда.







