Сунъий интеллект сабаб, Британия ёшлари учун иш имкониятлари қисқармоқда
ChatGPT глобал миқёсда ишсизлик даражасини 10–20 фоизга ошириши мумкин.

2022 йил ноябрь ойида сунъий интеллект асосида яратилган ChatGPT платформасининг оммага тақдим этилиши Буюк Британия меҳнат бозорида жиддий ўзгаришларга олиб келди. The Guardian газетаси маълумотларига кўра, айниқса ёш мутахассислар учун иш ўринлари деярли учдан бир қисмга қисқарган.
Рақамларга кўра, ҳозирда мамлакатдаги бошланғич даражадаги иш ўринлари умумий иш бозорининг атиги 25 фоизини ташкил қилмоқда. 2022 йилда бу кўрсаткич 28,9 фоиз эди. Энг кескин пасайиш чакана савдо соҳасида кузатилган — бу йўналишда ёшлар учун иш ўринлари сони 78 фоизга камайган. IT соҳасида 55 фоиз, бухгалтерия ва молияда эса 51 фоиз пасайиш қайд этилган.
Бунга асосий сабаб сифатида компанияларнинг оддий, кўп малака талаб қилмайдиган вазифаларни бажаришда энди амалиётчилар ёки янги битирувчиларни эмас, балки сунъий интеллект воситаларини танлаётгани кўрсатилмоқда. Айнан шу омил битирувчилар ва талабаларга иш топишни янада мушкуллаштирган.
Антҳропис компанияси раҳбари Дарио Амодеи эса вазият янада оғирлашишини башорат қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, яқин 5 йил ичида сунъий интеллект технологияси офис ишларининг ярмидан кўпини автоматлаштириб, глобал миқёсда ишсизлик даражасини 10–20 фоизга ошириши мумкин.







