Трампнинг суд даъвоси бўйича Paramount компанияси товон пули тўлайди
Трампнинг Камала Харрис интервьюсига оид даъвоси 16 миллион долларга ҳал этилади.

Paramount компанияси АҚШ президенти Дональд Трампнинг Камала Харрис билан CBS телеканали орқали эфирга узатилган интервьюсига оид даъвони ҳал қилиш учун 16 миллион доллар тўлашга рози бўлди. Бу ҳақда point.md нашри хабар бермоқда.
Хабарга кўра, Трамп CBS News телеканалини “60 дақиқа” дастуридаги Камала Харрис билан бўлган интервьюни тўлиқ, таҳрир қилинмаган шаклда эфирга узатмасликда айблаган ва бу орқали сайлов жараёнига аралашганликда айблаб, дастлаб 10 миллиард доллар миқдорида даъво аризаси киритган. Кейинчалик Трамп даъво суммаcини 20 миллиард долларга оширган.
Июн ойи охирида The Wall Street Journal нашри воситачилар иштирокида суд жараёнини 20 миллион долларлик келишув орқали ҳал қилиш таклифи билдирилгани ҳақида хабар берган эди.
Paramount ва Трамп ўртасидаги якуний келишувга кўра, компания 16 миллион доллар тўлаш орқали даъвони тугатишга рози бўлди. Мазкур келишув ҳали расман суд томонидан тасдиқланмаган бўлса-да, томонлар можарони муросали тарзда ҳал этишга яқин турибди.







