Украина меҳнатга лаёқатли аҳолининг 40 фоизини йўқотди
Давлат чуқур демографик инқирозни бошдан кечирмоқда.

Уруш оқибатида Украина меҳнатга лаёқатли аҳолининг 40 фоизини йўқотди. Миллий банк ва Иқтисодиёт вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, бу мамлакат меҳнат бозори ва иқтисодий барқарорлигига катта зарба бўлмоқда.
Ижтимоий сиёсат вазири биринчи ўринбосари Дариа Марчакнинг таъкидлашича, ҳозирда 1,7 миллионга яқин украиналик хорижда яшамоқда ва ишламоқда. Бу эса урушдан олдинги иқтисодий фаол аҳолининг 10 фоизидан кўпроғини ташкил этади.
Бундан ташқари, Украина чуқур демографик инқирозни бошдан кечирмоқда — 65 ёшдан ошганлар улуши 1991 йилдаги 12 фоиздан 2024 йилда 22 фоизга етди. Бу эса аҳоли қариш суръатларининг тезлашаётганини кўрсатади.
Демографлар огоҳлантиришича, агар уруш узоқ давом этса, 2041 йилга келиб мамлакат аҳолиси 28,9 миллионга, 2051 йилга бориб эса 25,2 миллион кишига камайиши мумкин. Бу эса нафақат меҳнат ресурслари, балки пенсия тизими ва ижтимоий хизматлар учун ҳам катта босим бўлади.







