Трамп БРИКСни қўллаб-қувватлаганларга янги божлар билан таҳдид қилди
Куни кеча Ўзбекистон ҳам БРИКСнинг ҳамкор давлатига айланди.

2025 йил 6 июль куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида БРИКС ташкилотининг 17-саммити бўлиб ўтди. Саммит якунларида қабул қилинган қўшма баёнотга кўра, БРИКС таркибига Индонезия тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинди, 10 та давлат эса ҳамкор давлат мақомини олди. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу борада ҳали расмий баёнот бермаган бўлса-да, ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурханов Ўзбекистон БРИКСга ҳамкор давлат сифатида қўшилганини тасдиқлади.
БРИКС — 2009 йилда ташкил топган, ҳозирда 11 та тўлақонли аъзога эга бўлган йирик халқаро тузилмадир. Ташкилотга аъзо давлатлар жаҳон аҳолисининг 40 фоизини, глобал ялпи ички маҳсулотнинг эса 40 фоизга яқин қисмини ташкил этади. Уларнинг умумий ЯИМ ҳажми 27 трлн АҚШ долларига тенг.
АҚШдан БРИКС сиёсатини кескин танқид
Саммитда қабул қилинган баёнотда глобал савдода "бир томонлама тариф ва тарифсиз чоралар"нинг ортиб бораётгани танқид қилинди. Бу ҳолат Жаҳон савдо ташкилоти тамойилларига зид экани қайд этилди.
Ушбу баёнот ортидан АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг "Truth Social" тармоғида кескин муносабат билдирди. Унга кўра: “БРИКСнинг Америкага қарши сиёсатини қўллаган ҳар қандай мамлакат 10 фоизлик бож тўловига дуч келади. Ҳеч қандай истисно бўлмайди”, — дея баёнот берди Трамп.
Трамп шунингдек, 2024 йил охирида БРИКС давлатлари доллар ўрнига ўз валюталарини жорий этишга уринса, 100 фоиз тариф билан жазоланишини айтган эди: “БРИКС доллар ўрнини босувчи валютани ишлаб чиқишга уринса, бу Америка учун қабул қилиб бўлмайдиган таҳдид бўлади”, – деди Трамп.
Маълумот учун: БРИКС дастлаб Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитойдан иборат эди. 2010 йилда Жанубий Африка Республикаси, 2024 йилда эса Эрон, Миср, Эфиопия, БАА ва Индонезия аъзо бўлди.







