Британиялик олимлар сунъий қон ишлаб чиқаришда муҳим ютуққа эришди
Сунъий қон технологияси оғир қон касалликларини даволаш, донор қон танқислигига ечим бўлиши кутилмоқда.

Лондондаги Қиролича Мэри университети олимлари сунъий қон ишлаб чиқариш технологиясида муҳим илмий кашфиётга эришди. Science Signaling журналида чоп этилган тадқиқотда, кислород ташувчи асосий қон ҳужайралари — қизил қон таначалари (эритроцитлар) шаклланишида CXCL12 деб номланган кимёкин сигнал оқсили ҳал қилувчи роль ўйнаши аниқланган.
CXCL12 оқсили қизил қон ҳужайраларининг етилиш жараёнида уларнинг ядросидан халос бўлишини таъминлайди. Бу эса ҳужайраларнинг тўлиқ шаклланиб, организм бўйлаб кислород етказиш функциясини бажаришига имкон беради.
Табиий шароитда бу мураккаб жараён суяк илигида содир бўлади. У ерда илдиз ҳужайралар кетма-кет эритробластларга айланади, сўнгра ядросидан айрилиб, етук эритроцитларга айланишади. Бу босқич кислород ташиш самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, лабораторияда CXCL12 қўшилиши ҳужайра етилиш жараёнини сунъий тарзда тақлид қилишга ёрдам беради. Бу технология ҳозирда мавжуд бўлган сунъий қон ишлаб чиқариш усулларига нисбатан анча самарали ва барқарор бўлиши кутилмоқда.
Бугунги кунда сунъий қон асосан киндик қони ёки суяк илиги илдиз ҳужайраларидан олинади, бироқ уларнинг ресурси чекланган. CXCL12 ёрдамида ядросиз ҳужайралар олиш самарадорлиги оширилса, сунъий қоннинг оммавий ишлаб чиқарилишига замин яратилади.
Мазкур кашфиёт ўроқсимон ҳужайрали анемия, талассемия каби қон касалликларини шахсийлаштирилган дори воситалари билан даволаш имконини беради, шунингдек, сунъий қон етказиб бериш орқали донор қонига муҳтожликни камайтиради, айниқса уруш, табиий офатлар ёки изоляциядаги ҳудудларда бу муаммо ҳал қилувчи аҳамият касб этади.







